Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати (бундан кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар),
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи жиддий оқибатларидан инсон ҳаёти ва соғлиғи, ҳамда ўз давлатларининг хавфсизлиги ва бошқа фундаментал манфаатларини ҳимоя қилиш заруриятини англаган ҳолда,
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи кўлами ва тенденцияси, шунингдек, уларнинг суиистеъмол қилиниши билан боғлиқ муаммолар кўпайишидан ташвишланган ҳолда ҳамда суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик, ички ишларга аралашмаслик тамойилларини ўзаро ҳурмат қилиш асосида,
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш ҳамда гиёҳвандлик воситалари прекурсорларини назорат қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини тан олиб,
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш ҳамда гиёҳвандлик воситалари прекурсорларини назорат қилиш ҳақида икки давлат ваколатли идоралари ўртасида маълумотларни тез ва ишончли алмашиш механизмини яратишдан манфаатдор эканликларини билдириб,
1972 йилдаги Баённома билан ўзгартириш киритилган Гиёҳвандлик воситалари тўғрисида ягона конвенция (1961 йил), Психотроп моддалар тўғрисидаги конвенция (1971 йил), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш тўғрисида конвенцияси (1988 йил), Трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши конвенция (2000 йил), шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ушбу соҳадаги тегишли идора ва форумлари қарорларини инобатга олиб,
Словакия Республикаси Европа Иттифоқи аъзо-давлати эканлиги ва шу сабабли Европа Иттифоқи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, хусусан, гиёҳвандлик воситалари прекурсорлари соҳасидаги ҳужжатларига риоя қилиши лозимлигини ҳурмат қилиб,
1997 йил 16 январда Братиславада имзоланган Словакия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўзаро муносабатлар асослари ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома, хусусан унинг 18 ва 20-моддаларига асосланиб,
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битим қоидалари ҳамда миллий қонунчилик ва улар давлатларининг халқаро мажбуриятларидан келиб чиқиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва перекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш, шунингдек, прекурсорларнинг қонуний ишлаб чиқарилиши, тарқатилиши ва ишлатилишини назорат қилиш юзасидан ўзларининг ваколатли идоралари орқали ҳамкорлик қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази;
3. Мазкур Битим кучга киргандан кейин ўттиз (30) кун ичида Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли идоралари ва уларнинг масъул ходимлари юзасидан маълумот алмашадилар ҳамда ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини қисқа муддатда хабардор қиладилар.
4. Мазкур Битимни амалга оширишда Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли идоралари ўзаро тўғридан-тўғри, шунингдек, дипломатик каналлар орқали ҳамкорлик қиладилар.
5. Мазкур Битим жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва экстрадиция масалаларига нисбатан қўлланилмайди.
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилиги ва улар иштирок этадиган халқаро шартномалардан келиб чиқиб, қуйидаги шаклларда ҳамкорлик олиб борадилар:
а) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва фош этишга кўмаклашувчи маълумотлар билан алмашиш;
б) гиёҳвандлик воситалари прекурсорлари устидан назорат қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур Битимга биноан бошқа вазифаларни бажариш;
в) тегишли маълумотлар базасидан тергов ва суриштирув ишларини амалга ошириш мақсадида шахслар, объектлар ва ҳужжатларни текшириш юзасидан сўровномаларни бажариш;
г) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига алоқадор уюшган гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари перекурсорлари устидан назоратни кучайтиришга йўналтирилган мувофиқлаштирилган тадбирларни ўтказиш;
д) тажриба алмашиш, шу жумладан амалиётлар, маслаҳатлашувлар, семинарлар ва тренинг курслари орқали;
е) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қабул қилишни олдини олиш бўйича илмий нашрлар, махсус бюллетенлар ва фильмлар билан алмашиш;
2. Аҳдлашувчи Томонлар гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш ва прекурсорларни назорат қилиш соҳасида тадқиқот дастурларини режалаштириш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қиладилар ҳамда ўзаро манфаатли масалалар юзасидан маслаҳатлашув ўтказадилар.
1. Мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-банди «а» қисмига асосан амалга оширилаётган маълумотлар алмашинуви гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларга, хусусан:
а) Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати фуқароси иштирокида ёки унинг давлати манфаатларига дахл этувчи қасд қилинган ёки содир этилган;
б) Аҳдлашувчи Томон давлатлари бири ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига етказиб берилган, шунингдек, учинчи давлат ҳудудидан транзит ҳолда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар билан ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлати фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ноқонуний ишлаб чиқиш ва сотишда иштирок этган жиноятлар киради.
а) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ноқонуний олиб ўтиш йўлларини ҳамда уларни яшириш ва фош этиш усулларини аниқлашда предметларнинг ҳиди асосида гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларни аниқлашга ўргатилган итлар ва замонавий технологиялардан фойдаланиш;
б) сотиш учун тайёрланган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг янги турлари, уларнинг таркиби, тарқатиш ва ишлаб чиқиш технологиялари;
в) уюшган гуруҳлар томонидан содир этилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг амалга оширилиши методлари, уларнинг таркиби, тузилиши, фаолият кўлами ва жиноий алоқалари;
г) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва перекурсорларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этишда гумон қилинувчи Аҳдлашувчи Томонлар давлатларидан бирининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида доимий ёки вақтинча яшовчи фуқаролари;
д) гиёҳвандлик воситалари прекурсорларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва ишлатишни назорат қилишнинг самарали шакллари ва усуллари;
е) гиёҳвандликнинг олдини олиш, гиёҳвандларни даволаш ва реабилитация қилишнинг самарали шакллари ва усуллари.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли идоралари мазкур Битимга асосан, агарда бошқа Аҳдлашувчи Томон учун ушбу маълумот қизиқ деб топишга сабаб бўлса, мазкур Битимнинг 4-моддасига асосан ўз ташаббуслари билан аввалдан олинган сўровномасиз ҳам маълумот алмашишлари мумкин.
1. Мазкур Битимда назарда тутилган маълумотлар билан алмашиш ва бошқа ҳаракатлар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли идоралари томонидан уларнинг раҳбарлари имзоси билан тасдиқланган қуйидаги мазмундаги ёзма сўровномалар орқали амалга оширилади:
б) сўровнома юборилаётган иш мазмуни, ушбу ишга алоқадор ёки дахлдор шахслар, фактлар, ашёлар ва ҳужжатлар юзасидан батафсил маълумот;
в) бажарилиши талаб этилаётган муайян жараённинг тавсифи ва сўровнома бажарилиши кутилаётган муддат.
2. Сўровномалар ваколатли идоралар томонидан ўзаро тўғридан-тўғри ёки дипломатик каналлар орқали, шунингдек, Жиноий қидирув полициясининг халқаро ташкилоти — Интерпол, шулар жумласидан электрон алоқа воситалари орқали юборилиши мумкин.
3. Сўровномалар, зарур ҳолларда, ҳужжатнинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаси ёки кўчирмаси, фото, аудио, видео ва унинг ижросини енгиллаштирувчи бошқа материаллар билан биргаликда юборилиши лозим.
4. Сўровномалар сўровнома юборилаётган Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилиги ва сўровномада кўрсатилган муайян жараёнларга мувофиқ ижро этилиши лозим, агарда бу жараёнлар унинг давлати миллий қонунчилигига зид бўлмаса. Башарти сўровномани бажариш сўровнома келиб тушган идора ваколатидан ташқарида бўлса, ушбу сўровнома уни бажаришга ваколатли давлат идорасига юборилиши ҳамда бу ҳақида сўровнома юборган Аҳдлашувчи Томон зудлик билан хабардор қилиниши лозим.
5. Сўровнома имкон қадар қисқа муддатда бажарилиши лозим. Зарур ҳолларда Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли идоралари сўровнома бажарилишини енгиллаштириш мақсадида қўшимча маълумотлар талаб этишлари мумкин. Агарда сўровноманинг ижро этилиши сўровнома юборилаётган давлатдаги тергов ёки бошқа жараёнларнинг олиб борилишига тўсқинлик қилса, унинг ижро этилиши сўровнома юборган Аҳдлашувчи Томон билан келишилган ҳолда маълум шартлар асосида кечиктирилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин.
6. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли идоралари, агарда бошқа Аҳдлашувчи Томон учун ушбу маълумот қизиқ деб топишга сабаб бўлса, мазкур Битимга асосан ўзларининг тергов ишларига зарар етказмаган ҳолда ва ўз ташаббуслари билан аввалдан олинган сўровномасиз маълумот алмашишлари мумкин.
1. Мазкур Битимнинг 4-моддасига асосан ёрдам кўрсатиш бўйича сўровнома тўлиқ ёки қисман рад этилиши мумкин, агарда:
а) унинг ижро этилиши инсон ҳуқуқларининг бузилишига, сўровнома юборилаётган Аҳдлашувчи Томон давлати суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки бошқа манфаатларига дахл қилса ёки сўровнома юборилаётган Аҳдлашувчи Томон давлати миллий қонунчилиги ёки халқаро мажбуриятларига зид бўлса;
б) ёрдам тўғрисидаги сўровнома олиниши лозим бўлган ҳаракат сўровнома юборилаётган Аҳдлашувчи Томон давлати миллий қонунчилигига биноан жиноят бўлмаса.
2. Агарда ёрдам тўғрисида сўровномага рад этиш ҳақида қарор қабул қилинса, сўровнома юборилган Аҳдлашувчи Томон ваколатли идораси сўровнома юборган Аҳдлашувчи Томон ваколатли идорасини ёзма равишда бундай рад этишнинг сабаблари ҳақида хабардор этиши лозим.
1. Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли идоралари ўз давлатлари миллий қонунчилигига асосан ўзаро алмашилган маълумотнинг махфийлигини, агарда бундай маълумотни юбораётган Аҳдлашувчи Томон уни ошкор этишни бирон-бир сабабга кўра мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобласа, ҳимоя қилишлари лозим. Ушбу қоида мазкур Битим доирасида Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан ўзаро тақдим этилган техник воситалар, жиҳозлар ва материалларга нисбатан ҳам қўлланилади.
2. Агарда мазкур Битим асосида олинган маълумот, техник ресурслар, жиҳозлар ва материалларни учинчи томонга бериш зарурати юзага келса, уни тақдим этган ваколатли идоранинг ёзма розилиги талаб этилади.
Мазкур Битим доирасида ва Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари миллий қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига асосан тақдим этилган шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида қуйидаги шартларга амал қилинади:
а) қабул қилувчи Аҳдлашувчи Томон бу каби маълумотларни фақатгина тақдим этувчи Аҳдлашувчи Томон шартларида назарда тутилган мақсад ва талаблар асосида фойдаланиши мумкин;
б) қабул қилувчи Аҳдлашувчи Томон тақдим этувчи Аҳдлашувчи Томон талабига асосан тақдим этилган маълумотнинг ишлатилиши ва эришилган натижа ҳақида хабардор этади;
в) шахсий маълумотлар фақатгина мазкур Битимни амалга ошириш учун ваколатли идораларга берилиши мумкин; бошқа ваколатли идоралар бундай маълумотга уни тақдим этувчи Аҳдлашувчи Томоннинг дастлабки ёзма розилигисиз эга бўлишига йўл қўйилмайди;
г) маълумотни тақдим этган Аҳдлашувчи Томон тақдим этилган шахсий маълумотнинг аниқлигига жавобгардир ва ушбу тақдим этилаётган маълумотнинг қанчалик кераклигини, шунингдек, унинг ҳажми ва қўлланилиш доирасининг тақдим этиш мақсадларига қанчалик мослигини аниқлаши лозим; агарда маълумотларнинг ноаниқлиги, нотўғрилиги, тўлиқ эмаслиги ёки эскирганлиги ёки сўровнома мақсадларига мос келмаслиги аниқланса, қабул қилувчи Аҳдлашувчи Томон бу ҳақида кечиктирилмасдан хабардор этилиши лозим; қабул қилувчи Аҳдлашувчи Томон тақдим этилиши лозим бўлмаган маълумотларнинг хатосини тўғрилайди ёки уни бутунлай йўқ қилади;
д) шахсий маълумотлари тақдим этилаётган ёки тақдим этилган ҳар қандай киши, агарда тақдим этаётган Аҳдлашувчи Томон давлати миллий қонунчилиги бунга йўл қўйса, тақдим этилган маълумотдан фойдаланиш мақсадлари ва маълумотнинг ҳар қандай учинчи шахсга маълум қилиниши тўғрисида тўлиқ маълумот беришни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир; бундай маълумот кечиктирилмасдан тақдим этилади;
е) шахсий маълумотлари тақдим этилаётган ёки тақдим этилган ҳар қандай киши у билан боғлиқ шахсий маълумотлардаги хатолик, тўлиқсизлик ва ноаниқликларни бартараф этишни сўраб мурожаат этиш ҳуқуқига эгадир ва бундай мурожаат кечиктиришсиз бажарилиши лозим; иш бўйича янги ҳолатлар тақдим этувчи Аҳдлашувчи Томонга маълумот субъекти томондан маълум қилинади;
ё) маълумотнинг етказиб берилган кунидан бошлаб тақдим этувчи Аҳдлашувчи Томон маълумотни қабул қилувчи Аҳдлашувчи Томонга унинг миллий қонунчилигига биноан маълумотни йўқ қилиш муддати ҳақида хабардор этади; бундай муддат ўрнатилган бўлишига қарамай, маълумот субъектига тегишли маълумот, агарда уни сақлаб туриш иш мақсадлари учун керак бўлмай қолса, у йўқ қилади; маълумотни тақдим этаётган Аҳдлашувчи Томон тақдим этилган маълумотнинг йўқ қилиниши ва бунинг сабаблари ҳақида хабардор этилади; мазкур Битимнинг бекор қилиниши билан у доирасида олинган маълумотлар йўқ қилинади;
ж) ҳар бир Аҳдлашувчи Томон шахсий маълумотнинг етказиб берилиши, қабул қилиб олиниши ва йўқ қилиниши ҳақида қайдни сақлаб қўяди;
з) ҳар бир Аҳдлашувчи Томон тақдим этилган шахсий маълумотни тасодифий ёки ноқонуний йўқ қилинишидан, йўқотилишидан, рухсат этилмаган ҳолда фойдаланилишидан ва муомалада бўлишидан, ўзгартиришидан ва оммалайтирилишидан ҳимоя қилади.
1) Аҳдлашувчи Томонлар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш, жумладан, ҳуқуқбузарларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг реабилитацияси ва жамиятга интеграциялашуви бўйича дастурлар доирасида, шунингдек, ўз давлатларида гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддаларга талабни ва гиёҳвандликни қисқартириш бўйича ҳамкорлик қиладилар;
2) Аҳдлашувчи Томонлар жазони ижро этиш муассасалари тизимининг фаолияти ва жазони ўтаб чиққан шахслар учун ижтимоий мослашув марказлари бўйича тажрибадан фойдаланадилар.
3) Аҳдлашувчи Томонлар гиёҳвандликнинг олдини олиш, даволаш ва реабилитация қилишнинг янги шакл ва усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, жумладан, мазкур соҳада қўшма тадқиқотлар, ходимларни ўқитиш ҳамда тиббий ва илмий-текширув муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш бўйича ҳамкорлик қиладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг давлатлари миллий қонунчилигига асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва назоратда бўлган прекурсорларнинг рўйхатини алмашадилар ҳамда уларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида ўзаро хабардор қиладилар.
1. Мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар мустақил тарзда Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан қопланади.
2. Агарда лозим бўлса, Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро келишувга асосан мазкур Битимнинг амалга оширилиши билан боғлиқ умумий харажатларни ҳар бир аниқ ҳолат бўйича алоҳида қоплайдилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар, агарда лозим бўлса, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш, гиёҳвандликни даволаш ва гиёҳвандларни реабилитация қилиш бўйича маълум вазифаларни бажаришда эҳтиёж бўлган ўзаро беминнат ёрдам, жиҳозлар ва материаллар билан кўмаклашадилар.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган баҳс ва мунозараларни Аҳдлашувчи Томонлар музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига асосан мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи ва мазкур Битимнинг 15-моддасида белгиланган қоидаларга асосан кучга кирувчи ёзма шаклда алоҳида битимлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Мазкур Битим қоидалари Аҳдлашувчи Томонлар иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг якунланганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинганидан ўттиз (30) кун ўтиб кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимнинг амал қилишини бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда тугатилиши мумкин. Бундай ҳолатда мазкур Битимнинг амал қилиши бошқа Аҳдлашувчи Томондан хабарнома олинган санадан бошлаб олти (6) ой ўтгандан кейин ўз кучини йўқотади.
3. Мазкур Битимнинг амал қилиши ушбу моддага асосан тугатилса, сўровнома юборувчи Аҳдлашувчи Томондан бошқача сўровнома келиб тушмагунига қадар, унинг тугатилишидан аввал юборилган сўровномалар мазкур Битимга асосан бажарилади.