03.10.2016 йилдаги 20-1606/2095-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг қарори, 03.10.2016 йилдаги 20-1606/2095-сон
Кучга кириш санаси
03.10.2016
Шартноманинг 4.1-бандида тарафлар томонидан мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, шартноманинг 4.2-бандида «Ижарага олувчи» тўловларни белгиланган муддатда амалга оширмаган тақдирда «Ижарага берувчи»га ҳар бир кун учун тўлов кечиктирилган сумманинг 0,01 фоизи миқдорида, бироқ кечиктирилган сумманинг 20 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 186-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кассация инстанциясида кўрганида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судида тўғри қўлланилганлигини текширади.
Биринчи инстанция суди пеня миқдорини камайтиришда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли қарорининг 2-бандини нотўғри қўллаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган ёки нотўғри қўлланилган ҳолларда, агар бу қонун бузилиши нотўғри ҳал қилув қарорининг, қарорнинг қабул қилинишига олиб келган ёхуд олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарори, қарор бекор қилинади ёки ўзгартирилади.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини ўзгартиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилган 7 884 430 сўм пеня миқдорини 13 140 718 сўмга, 1 518 365 сўм давлат божи миқдорини 1 357 335 сўмга ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг 32 205 980 сўм банк фоизи ундириш қисмини бекор қилишни, даъвонинг ушбу талабини қаноатлантиришни рад этишни, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни, кассация шикоятини эса қисман қаноатлантиришни, ишни апелляция ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 262 814 сўм давлат божи ва 14000 сўм почта харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни, даъвогардан жавобгарга 137 386 сўм давлат божи тўловини ундиришни, ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини даъвогардан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди фойдасига ундиришни лозим топади.